Сурхондарё вилояти Шодлик маҳалласида яшовчи Нозим Қулбоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) Термиз шаҳрида кечки пайт бежиз бетоқат бўлиб юрмаган экан. Вилоят ички ишлар идораси ходимлари томонидан Турон маҳалласи ҳудудида ўтказилган навбатдаги тадбир чоғида унинг сири очилиб қолди.
Шу йил 51 ёшни қаршилайдиган бу шахс холислар иштирокида текшириб кўрилганида ёнида бир гугурт қутисига жойланган марихуана гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди. Вилоят марказига “меҳмондорчилик”ка келган Н. Қулбоевнинг ёнидан топилган заҳри қотил ҳужжатлаштириб олинганида унинг вазни 1,19 грамм тош босди.
– Жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятларни жиловлаш борасида кўплаб профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари капитан Ф.Тошбоев. – Мазкур жараёнларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, жўнатиш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказишнинг жиноят экани ҳам кенг тарғиб қилинмоқда. Бироқ айрим шахсларнинг ҳали ҳам бу каби жиноятларга қўл ураётгани ачинарлидир. Масалан, Термиз шаҳрида ўтказилган яна бир тадбир чоғида Олтинсой тумани Боташ маҳалласида яшовчи дорихона сотувчиси Шоди Тангиев Маърифат маҳалласи ҳудудида 20 дона “Sonnat” таблеткасини мижозга пуллаётганига қўлга тушиб қолди. Жиноят учун эса жазо муқаррар. Шу боис энди 27 ёшга тўлаётган бу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши очилди. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.
Айни пайтда Н.Қулбоевнинг иши юзасидан ҳам тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА