“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятида Австрия давлатининг дунёга машҳур “AVL” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор ҳамкорликда акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарда замонавий электротракторлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш масалаларига қаратилди.
Соҳа мутасаддилари “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 100 от кучига эга бўлган тракторларни тўлиқ электрлаштириш бўйича музокаралар ўтказди. Унга кўра, 2019 йил якунигача “AVL” компанияси янги электротракторларнинг консептуал лойиҳаларини тайёрлайди. Илк намуналар эса акциядорлик жамият таркибидаги корхоналарда 2021 йилда ишлаб чиқарилади.
– Бу каби замонавий трактор моделлари 180 киловаттли электродвигателларга эга бўлади, – дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Техникалар ҳаракатланганда деярли шовқин чиқармайди. Шу билан бирга уларни таъмирлаш осонлашади. Шунингдек, бу каби электротракторлардан фойдаланиш ёқилғи ҳамда эҳтиёт қисмлари учун катта маблағ сарфлашнинг олдини олади.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши туфайли табиатга чиқаётган заҳарли газларнинг камайишига эришилади.
А.Мусаев, ЎзА