“Ўзэкспомарказ”да Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг мамлакатимизга расмий ташрифи муносабати билан ташкил этилган “Made in Belarus“ кўргазмаси давом этмоқда.

Кўргазмада Беларуснинг 150 дан зиёд компания ва корхонаси, хизмат кўрсатиш, илмий ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари қатнашмоқда.

Жумладан, Беларуснинг қишлоқ хўжалиги ва йўл қурилиш техникаси саноатининг йирик ишлаб чиқарувчилари бўлмиш “Амкодор“, “МАЗ“, “МТЗ“, “Бобруйскагромаш“, “Блюминг“, “Лидагропроммаш“, “ЗУМЛИОН-МАЗ“, “Минск электротехника заводи“, “Дорэлектромаш“, “Ремком“ компаниялари ўз маҳсулот ва хизматларини таклиф этмоқда.

Ғўза ва қатор ораларига ишлов берувчи “Беларусь” тракторлари, “Гомсельмаш“ техникалари фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Компаниямиз 2012 йилдан буён Ўзбекистонга қишлоқ хўжалиги техникаларини етказиб бермоқда, – дейди “Гомсельмаш“ компаниясининг савдо-сотиқ бўлими директори ўринбосари Наталья Теребило. – Кўргазмага экин экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиш машиналарини олиб келганмиз. Юртингизга қишлоқ хўжалик техникаси етказиб бериш бўйича қатор шартномалар имзоладик. Келгусида компаниямиз маҳсулотларини шу ерда йиғиш ва учинчи мамлакатларга экспорт қилиш ниятидамиз.

“Беларусь металлургия заводи“ панжаралар, пўлат симлар ва қувурлар олиб келган. Ушбу маҳсулотлар мустаҳкамлиги бўйича юқори сифат кўрсаткичларига эга. Тўқимачилик, чарм-атторлик маҳсулотлари кўпчиликка манзур бўлмоқда.

Кўргазмада Беларуснинг ахборот коммуникация соҳасидаги етакчи компания ва фирмалари ҳам иштирок этмоқда.

Банк тўлов карталари, юридик шахслар учун интернет ва мобиль банкинг хизматлари, нақд пул бўйича мурожаатлар, валюта савдоси, банкоматларни техник мониторинг қилиш тизимида рақамли технологияларни жорий этиш ҳақида сўз борганда кўргазма қатнашчиси, Беларуснинг “Light Well Organization“ (LWO) IT компаниялар гуруҳини ёдга олиш зарур.

– Корхонамиз рақамли банк тизимини йўлга қўйишда қўл келадиган ишланмаларни яратишда катта тажрибага эга, – дейди LWO компаниялар гуруҳи савдо директори Сергей Слесарев. – Банк соҳасида хатарларни бошқариш, режалаштириш ва молиялаштириш, самарадорликни баҳолаш, ҳисоб-китобларни юритишда аниқлик ва тезкорлик муҳим аҳамият касб этади. Биз таклиф этаётган рақамли технологиялар мижозларга хизмат кўрсатишда имкон қадар қулайлик яратишни кўзда тутади. Компаниямиз яқин вақт оралиғида мамлакатингизда ўз ваколатхонасини очишни режалаштирган.

Кўргазмада Беларуснинг илмий-техник, ижодий, маърифий адабиётлари, олий ўқув юртлари таълим дастурлари, саломатлик тизими, даволаш ва санаторийлари ҳақида батафсил маълумот олишингиз мумкин. Беларуслик ёш истеъдод эгалари ўз бадиий чиқишлари билан сизни баҳраманд этади.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА