Америка Қўшма Штатларида кузатилаётган қор бўрони ҳозиргача тўрт кишининг ҳаётига зомин бўлди. Етти штатни қамраб олган бундай ҳалокатли иқлим юз минглаб одамларни электрсиз қолдирди. Миллий об-ҳаво хизмати (NWS) тахминан 60 миллионга яқин аҳоли мушкул аҳволдалигини билдирди. Бу ҳақда «Euronews» ёзган.

Дам олиш кунлари жанубга томон ҳаракатланган қутб гирдоби улкан қуруқлик ҳудудини муз, қор ва шамол билан қоплади. Канзас, Миссури, Мериленд, Кентукки, Виржиния, Ғарбий Виржиния, Арканзас, Вашингтон ва Нью-Жерси штатларининг баъзи қисмларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ҳаддан зиёд совуқ оқим, одатда, Шимолий қутб атрофида айланади, баъзан Канада, АҚШ, Европа ва Осиёда ҳам пайдо бўлади. Тадқиқот  кўрсатдики, Арктиканинг тез исиши қисман қутбли гирдоб частотаси кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Бир неча штатнинг кўплаб шаҳарларида таълим муассасалари ёпилди.

Кеча камида 250 000 хонадон электр ва иссиқликдан узилди, чунки кучли шамол инфратузилмага зарар етказган. Миссури штати расмийлари якшанба оқшомида 350 дан ортиқ автоҳалокат содир бўлганини қайд этди.

Минглаб самолёт парвози, жумладан 2500 дан кўп ички, 6500 га яқин халқаро рейс бекор қилинди.

Мусулмон Зиё, ЎзА