Бош қомусимизга мувофиқ, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.
Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.
Бугун, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам нишонланмоқда. Бу сана ногиронлиги бор шахсларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашни кучайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя сиёсатидан кўзланган мақсад ҳам шу. Зотан, янгиланган Бош қомусимиз асосида ижтимоий давлат асослари янада мустаҳкамланди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш, энг аввало, уларни жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирокига шароит яратишдан бошланади. Ҳар қандай вазиятда ҳам уларни камситмаслик зарур.
БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь)да ҳам ногиронлар манфаатлари ҳимояси назарда тутилган. 2021 йилда Ўзбекистон мазкур конвенцияни ратификация қилган.
Меҳнат кодексида ҳам аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгиланган. Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этиш, махсус қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш каби қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Меҳнат кодексида меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро меъёрлар ва тавсияларга мос тарзда батафсил ёритилган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп болали ёки ногирон болалари бўлган ота-оналарга, ногиронлиги бўлган шахсларга, битирувчилар, ҳарбий хизматдан бўшатилганлар, жазодан озод қилинганлар, одам савдосидан жабрланганларга ишга жойлашишда қўшимча кафолатлар белгиланган.
2024 йил 19 октябрда кучга кирган “Ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан аҳолининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилди.
Таъкидлаш жоизки, ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 баравар ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.
Қонунчиликка ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ нормалар ҳам киритилди.
Қонун аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳимоя механизмларини янада такомиллаштиришга замин яратди.
Шу боис, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турлари кенгайтирилди. Жамиятда аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишда муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга нисбатан муросасизлик муносабати шаклланмоқда.
Норгул Абдураимова,
ЎзА