Ўзбек ва турк халқларини кўҳна тарих, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар бир-бирига боғлаб туради. Кейинги йилларда халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантириш борасида дадил қадамлар қўйилди.

Буни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Республикаси миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли ЎзА мухбирига интервьюсида алоҳида таъкидлади:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, ўзаро муносабатларимизни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдик. Бу учрашув бизни мамнун этди.

Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти мустаҳкам, юқори салоҳият ва бой тажрибага эга. Бироқ муносабатларимизнинг ҳозирги ҳолатини мавжуд имкониятларимиз даражасида, деб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, амалий ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдик.

Ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз янги босқичда изчил давом этаётганидан мамнунмиз.

 

Бекзод Ҳидоятов, ЎзА