ФОТОРЕПОРТАЖ

Кеча 22 май куни Жиззах шаҳридаги Урда боғидаги амфитеатрда Бирлашган курашлар олами (UWW) таркибидаги белбоғли кураш, “Алыш” ҳамда “Қазақ куреси” бўйича Осиё чемпионати бошланди.

Осиё белбоғли кураш конфедерацияси, Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионатда Ўзбекистон, Япония, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби 12 та давлатдан ташриф буюрган полвонлар куч синашмоқда.

Осиё чемпионати доирасида Жиззах шаҳридаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг анжуманлар залида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Осиёда белбоғли курашни, хусусан, белбоғли кураш спорт турларини кенг ривожлантириш, ўзаро ҳамкорлик алоқалари хусусида таъкидланди. Матбуот анжумани якунлангач, куннинг иккинчи ярмида регламентга мувофиқ, қирғиз “Алыш” курашининг классик йўналиши бўйича беллашувлар бошланди. Мазкур классик йўналишда эркаклар ўртасида 60, 70, 80, 90, 100, +100 кг. аёллар ўртасида эса 55, 60, 65, 70, 75, +75 кг. вазнда тоифаларида 200 нафарга яқин спортчи ўртасида ғолиблар аниқланди. Шунингдек, қирғиз “Алыш” курашининг эркин йўналишида ҳам кучлилар аниқланди.

Мусобақа давом этмоқда.

Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА