2024 йилнинг 26 июль – 11 август кунлари Франция пойтахти Парижда ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинлари учун мўлжалланган чипталар сотуви бўйича дастлабки маълумотлар эълон қилинди.
«Париж – 2024» Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси ижрочи директори Этиен Тобуанинг журналистларга билдиришича, Олимпиада чипталари сотувининг биринчи босқичида 158 тадан ортиқ мамлакатдан харидорлар иштирок этди.
Биринчи босқичда 3,5 миллион дона чипта сотилган. Уларнинг учдан икки қисми маҳаллий харидорлар ҳиссасига тўғи келади. Ўйинлар дастуридаги мусобақалар учун энг кўп чипта сотиб олганлар Буюк Британия спорт ишқибозлари бўлди.
Олимпия ўйинлари томошабинлари учун мўлжалланган чипталар сотувининг иккинчи муддати расман бошланганлиги тасдиқланиб, рўйхатдан ўтиш жорий йил 20 апрелга қадар давом этиши билдирилди.
«Париж – 2024» ташкилий қўмитаси маълумотига кўра, Олимпиада чипталарини сотиш платформаси ҳамма учун очиқ. Ишқибозларнинг миллати ёки яшаш жойига чеклов ўрнатилмаган.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА