Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида ўтган йил мобайнида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Дастлаб анжуман иштирокчилари Ички ишлар вазирлиги биносида жойлашган “102” автоматлаштирилган тизим фаолияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, аҳоли тинчлиги ва осойишталиги, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йил мобайнида 52 минг 786 нафар фуқарога ID паспорт, 212 минг 240 фуқарога чет давлатларга чиқиш учун биометрик паспорт, 72 минг 486 нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштирилган бўлса, чет давлатларнинг 23 минг 920 фуқароси рўйхатга қўйилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасидаги 424 фуқаролар йиғинидан 167 тасида бирорта жиноят содир этилмади ва 113 тасида жиноят олдинги йилга нисбатан камайишига эришилди.
Барвақт олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар Мўйноқ туманида 11 та, Тахиатош туманида 8 та, Элликқалъа туманида 5та, Кегайли туманида 3 та, Бўзатов туманида 2 тага камайишига эришилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ички ишлар вазирлигида «102» автоматлаштирилган тизимини ташкил этиш мақсадида тегишли маблағ ажратилиб, “Интерстрой” масъулияти чекланган жамияти томонидан фойдаланишга топширилди. Натижада, барча шаҳар ва туманлардан тизимга келиб тушган хабарлар марказлашган ҳолда қабул қилиниб, тезкор-тергов гуруҳининг воқеа жойига дарҳол етиб боришини таъминлаш ва патруль хизмати нарядларини бошқариш имконияти яратилди. Бир куннинг ўзида “102” тизимига 750 – 850 та атрофида хабар келиб тушмоқда. Бундан ташқари, шаҳардаги жамоат жойларига ўрнатилган 10 та «SOS” тугмачаси ва 9 та кўча чорраҳасига ўрнатилган 126 та видеокузатув камераси уланди.
Амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга йӯл қӯйилган камчиликлар ҳам қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА