Ўзбекистоннинг ижобий имижи, туристик салоҳияти ва инвестициявий жозибадорлигини ошириш, мамлакат аэропортлари ва авиакомпанияларини дунё жамоатчилигига танитиш мақсадида жорий йилнинг 26 январида Вазирлар Маҳкамасининг «Авиаспоттингни ривожлантириш учун шарт – шароитлар яратиш чора – тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикасидаги халқаро аэропортларда авиаспоттинг – белгиланган тартибга асосан аэропортларда ҳаво кемалари ҳаракатини ҳамда парвозини кузатиш, шунингдек, уларни профессионал ва ҳаваскорлар (авиаспоттерлар) томонидан фото, видео тасвирга олишга рухсат берилади.

Республикадаги барча халқаро аэропортлар ҳудудида уларнинг бошқарув шаклидан қатъи назар, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда парвозлар хавфсизлиги талаблари, Халқаро авиация ташкилоти (ИКАО) тавсиялари ва илғор хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда, авиаспоттинг машғулотлари учун ихтисослаштирилган жойлар босқичма – босқич ажратилади.

ЎзА