Юртимизда пандемия билан боғлиқ вазият кескинлашгани боис Сенат кенгашининг навбатдаги мажлиси онлайн тарзда бўлиб ўтди. Уни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Мажлисда Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисини 2022 йил 3 февраль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Навбатдаги ялпи мажлисда “Географик кўрсаткичлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида”ги ва “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама этилади.

Шунингдек, “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар ҳам кун тартибига киритилган.

Бундан ташқари, 2021 йилги Давлат дастурининг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи, Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниевнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги ахбороти ҳамда адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилиши режалаштирилган.

Шунингдек, турли масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш ҳамда ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқиш ва бошқа бир қатор масалалар муҳокамаси режалаштирилган.

Ялпи мажлис икки кун давомида онлайн тарзда ўтказилади.

ЎзА