Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида Ўзбекистон Бадиий Академияси академиги, Қорақалпоғистон Республикаси халқ рассоми Сарсенбой Байбосиновнинг “Кўнгил оҳанглари” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Қорақалпоқ рассомчилик санъати жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Устоз рассомларнинг давомчилари янги замонавий оқимда асарлар яратиб, томошабинларнинг кўнгилларидан жой олмоқда.
Сарсенбой Байбосинов натюрморт, манзара, портрет жанрларида самарали меҳнат қилади. Шу билан бирга ижодининг асосий мавзуси қорақалпоқ миллий урф-одатлари, этнографияси, миллий кийимлардаги қорақалпоқ аёллари, қишлоқ манзаралари, миллий қуроқлар билан натюрморт, бугунги куннинг муаммоси – Орол фожиасидан иборат.
Рассом 1983 йилдан бошлаб республика ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Туркия ва Россияда ўтказилган “Ўзбекистон рассомлари” кўргазмаларида иштирок этган. 2004 йилда ижодий сафар билан Австрия ва Кипр мамлакатларига борди. Шунингдек, ҳар икки йилда Тошкентда ўтказилган Халқаро замонавий санъат Биенналеларида фаол иштирок этган. Нукус шаҳридаги мактаб ва коллеж ҳамда кўргазма залларида шахсий кўргазмалари кўп бор ташкил қилинган. Унинг асарлари бугунги кунда мамлакатимиздаги ва МДҲ давлатлари, Голландия, АҚШ, Австрия, Германия, Япония каби мамлакатларнинг музейлари коллекцияларидан ўрин олган.
С.Байбосинов 1993 йилдан буён Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси. 2002 йили “Шуҳрат” медали, 2008 йили Ўзбекистон Бадиий Академиясининг “Олтин медали” билан тақдирланган бўлса, 2016 йили унга “Қорақалпоғистон Республикаси халқ рассоми” унвони берилди. Бугунги кунда ёшларга ранглар жилосини ўргатиб келмоқда.
Тадбир иштирокчилари рассомнинг янги кўргазмасида намойиш этилган асарлари билан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА