“Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси бош директори Ж.Мустафаев томонидан ишчи ходимларнинг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг дардларини тинглаш ҳамда муаммоларини имкон даражасида жойида хал этиш мақсадида мунтазам сайёр қабул ўтказиб келинмоқда.

Уларда нафақат корхона ишчи-ходимлари, балки “Элобод” шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолиси ҳам иштирок этиб, ўз муаммолари ҳамда таклифларини билдирмоқда.

Сайёр қабул давомида 29 фуқаро уй жой масаласи бўйича мурожаат қилди. Уларнинг мурожаати бўйича “Элобод” шаҳарчасида янги кўп қаватли уй-жой қуриш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига 18,5 гектар ажратиш бўйича хат чиқарилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлар палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ер ажратиш,  ўлчаш, платформага жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, қурилиши тугалланмай қолиб кетган 18 хонали уй-жой бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, охирига етказиш чоралари кўрилмоқда.

2021 йилда ўтказилган сайёр қабулларда 70 нафарга яқин фуқаро иш билан таъминлаш, 3 нафари даволаниш, 2 нафар фуқаро фарзандларининг шартнома пулларини тўлаб бериш, 20 нафар ишчи-ходим моддий ёрдам, 9 нафари ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича мурожаат қилди. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Ҳар бир мурожаатда инсон тақдири мужассам. Шундай экан, уларнинг ечими корхона раҳбарияти томонидан доимий назоратга олинган.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА