Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоқалар изчил ривожланмоқда.

Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳри мэрининг мамлакатимизга ташрифи ўзаро ҳамкорлик ривожида муҳим воқеа бўлди.

Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш менга улкан шараф бўлиб, катта мамнуният бағишлади.

Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, юксак натижаларга эришилди. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Жанубий Корея билан стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин ҳам шундай фикрда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Президентини Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан боришга таклиф этгани бунинг яққол тасдиғидир.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги учрашув самарали бўлди. Биродарлашган пойтахтларимиз ўртасида яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Эндиги вазифамиз Сеул ва Тошкент ўртасидаги ҳамкорликни аниқ лойиҳалар, амалий натижалар билан янада бойитишдир. Ташрифимиз давомида бу борадаги интилишларимиз, ўзаро мувофиқ саъй-ҳаракатларимиз акс этган ҳужжатларни имзоладик, узоқ истиқболга мўлжалланган келишувларга эришдик.

Пойтахт шаҳарларимиз ҳамкорлиги мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга.

 

Анвар Самадов, ЎзА