Стокгольм шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция Қироллиги ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде билан учрашув ўтказди.

А.Комилов Швеция томонини ЕХҲТдаги муваффақиятли раислиги билан табриклаб, Ўзбекистон мазкур тузилма билан конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Швеция сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдан бирдек манфаатдор экани тасдиқланди. Бўлажак тадбирлар, жумладан, вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувнинг навбатдаги даврасини ўтказиш жадвали кўриб чиқилди.

Стокгольм шаҳрида Ўзбекистон элчихонасининг очилиши икки томонлама ҳамкорликни сезиларли даражада жадаллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Томонлар Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр, мулоҳаза алмашди.

Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати