Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ўтказилган танловлар ғолиблари тақдирланди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ҳамда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, миллий ғоя тарғиботини кучайтириш, китоб ўқиш маданиятини ривожлантириш, оилавий китоб ўқиш анъанасини оммалаштириш, ёш ижодкорларни, фаол китобхон ва кутубхоначиларни аниқлаш ва қўллаб қувватлашда “Китобхонлик ҳафталиги” тадбири муҳим аҳамият касб этаётир.

Ҳафталик давомида республика Болалар кутубхонасида, шаҳар ва туман Халқ таълими бўлимларига қарашли умумтаълим мактабларида турли викторина ўйинлари, савол-жавоб кечалари, янги китоблар тақдимоти, ёзувчи шоирлар билан учрашувлар ташкил этилди. Ижтимоий тармоқларда онлайн танловлар ўтказилилиб, ғолиблар тақдирланди.

Жумладан, “Янги Ўзбекистон кутубхонаси менинг нигоҳимда” онлайн танловида Қораўзак туманидаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ҳурлимон Қолбоева, “Боболар мероси, болалар фольклори” танловида Хўжайли туманидаги 6-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Улжон Жақсимуратова, “Китобхонлар лидери” танловида Қонликўл туманидаги 8- умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Дурдона Жумамбетова, “Кун китобхони” танловида Кегайли туманидаги 26-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Алберто Абдиносиров, “Йилнинг энг намунали мактаб кутубхоначиси” онлайн танловида Хўжайли туманидаги 4-умумтаълим мактабининг кутубхоначиси Перуза Раймова ғолиб бўлди.

Ғолиб ва барча совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА