Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 27 октябрь куни бўлиб ўтган Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этиш мақсадида Теҳрон шаҳрига борди.

Ташриф доирасида Абдулазиз Комилов Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан музокаралар ўтказди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг бугунги даражаси, турли соҳалардаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Эроннинг афғон инқирозини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Афғонистонда турли инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Эрон томони Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатишга фаол ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.

 

ЎзА