Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Умумпарламент Ассамблеяси миссияси ҳамда МДҲ мамлакатларидан келган кузатувчилар иштирокида брифинг ўтказилди.

МДҲ Кузатувчилар миссияси раҳбари Сергей Лебедевнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодекси талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширилди. Рақобатбардош, эркин, очиқ ва ошкора бўлди. Шунингдек, демократик сайловларнинг умумий эътироф этилган тамойилларига тўла жавоб берди.

Шуни таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича таклиф олганимизнинг кейинги куниёқ, мамлакатингиздаги сайлов жараёнларини интернет, оммавий ахборот воситалари орқали кузатишни бошладик. МДҲ кузатувчилар миссияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси барча ҳудудларида бўлишди. Сайлов жараёнлари тартибли, халқаро стандартлар ва нормалар асосида ўтди, деб айта оламиз. Сайлов участкалари барча сайлов материаллари, номзодлар ҳақидаги маълумотлар, ахборот материаллари билан таъминланган. Бу албатта, сайловчиларга қўшимча имкониятлар яратади.

Бу йилги сайловларнинг ўтган сайловлардан фарқини журналистлар кўп бора сўрашди. Жорий Президент сайлови янги Сайлов кодекси асосида ўтказилди. Сайлов кодексида бир қатор ўзгаришлар бўлганини гувоҳи бўлдик. Яна бир муҳим янгиликни айтмоқчимизки, сайловчилар рўйхати аниқ шакллантирилиши бўлди. Сайловчиларнинг электрон рўйхати ўта аниқлик билан шакллантирилган.

Ўтган сайловларда, нафақат Ўзбекистонда балки бошқа мамлакатларда ҳам сайлов участкаларини аниқлаш, рўйхатдан ўтиш сайловчиларга анча ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди. Бу сайловларда ушбу муаммолар бартараф этилган. Ҳар бир сайловчи тегишли сайлов участкасига бириктирилган. Бунда техник жиҳатлар ҳам таҳсинга лойиқ, дейилади маълумотда.

 

Н.Насриев,

ЎзА