Президент Шавкат Мирзиёев саноат корхоналари фаолияти, ижтимоий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 21 октябрь куни Жиззах вилоятида бўлди.

Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамиятида автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил этилди. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, шу йил март ойида ишга туширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур заводдаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 миллион доллардан зиёд. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда “KIА”, “Renault” вa “Lada” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган. Бу машиналар юқори сифати, замонавий дизайни ва шинамлиги, тежамкорлиги, сервис хизматлари арзонлиги, бошқарув қулайлиги билан харидорларга маъқул келмоқда. Автомобилларга беш йиллик кафолат берилаётир. Корхонада 250 нафар мутахассис ишламоқда.

Давлатимиз раҳбарига лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди.

216 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган.

Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадрлар тайёрлаш соҳаларини қамраб олади.

Яна бир муҳим томони, бу завод кўплаб кичик корхоналар, хизматлар ташкил топишига туртки бўлади. Масалан, ҳозирданоқ Жиззах шаҳри, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 500 миллион долларлик 60 та лойиҳа шакллантирилган. Шунингдек, Америка ва Европа нуфузли инжиниринг компаниялари билан бирга вилоятда тажриба-конструкторлик ва дизайнерлик маркази ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, автомобиллар нархини арзонлаштириш, харидорларга танлов имкониятини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган ишларнинг бориши билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги қарорига мувофиқ, бу ерда Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига ичимлик суви тизимини яхшилаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Қиймати қарийб 580 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳа доирасида сув олиш ва тозалаш иншоотлари, «Жиззах» сувни тақсимлаш узели, 183 километр магистрал тармоқлар қурилиши белгиланган.

Мутасаддилар лойиҳа доирасида бажарилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Бугунги кунда Булунғур туманида, Зарафшон дарёси ёнида 100 минг куб метр сиғимли “Узунбулоқ” сув тозалаш иншооти, насос станцияси, лаборатория, фильтрлаш станцияси ва ёрдамчи бинолар қуриб битказилган. “Узунбулоқ – Гагарин” магистрал тармоғининг Жиззах шаҳригача бўлган 77 километри ётқизилган. “Жиззах” сув тақсимлаш иншооти, 5 минг куб метр сиғимли иккита сув ҳавзаси қурилган. Энди ушбу иншоотлардан Гагарин шаҳригача 90 километр сув тармоғи тортилади.

Ушбу тарихий лойиҳа натижасида Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги 163 та маҳаллада яшовчи 700 минг аҳолига тоза ичимлик суви етиб боради.

Тадбирда жиззахлик нуронийлар, маҳалла фаоллари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

– Жиззах вилоятида ичимлик суви бўйича вазият оғир эди. Бу сувни жиззахликлар 30 йилдан ортиқ кутди. Мен ҳоким бўлган пайтларда қанча ҳаракат қилганмиз. Лекин лойиҳа ҳам, пул ҳам йўқ эди. Мана, орзуларимиз ушалаяпти. Энди бу тизимнинг ҳар бир иншоотига, ҳар бир тумандан ўтган қисмига малакали мутахассисларни бириктириб, сифатли ишлатиш керак. Ёшларни ахборот технологиялари асосида ишлайдиган бу тизим бўйича ўқитиш ҳам зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳани 2022 йилнинг биринчи ярмида якунлаш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги «Голд Фиш агро» балиқчилик кластери фаолияти билан танишди.

Жиззах вилоятида 220 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда йил якуни билан жами 23 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда.

Бу йил улар сафига «Голд Фиш агро» масъулияти чекланган жамияти ҳам қўшилди. Қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган.

Кластер майдони 43 гектар бўлиб, шундан 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача сазан боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланмоқда.

Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлатгичлар ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари балиқ етиштириш жараёнини кўздан кечирди. Бу тажрибани оммалаштириб, аҳолини ҳам жалб этиш зарурлиги таъкидланди.

– Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш деяпмиз, ҳар бир хонадонда даромад манбаи яратишни ўйлаяпмиз. Мана тайёр лойиҳа. Шундай ҳовузларни етказиб бериб, тартиб-қоидасини ўргатиб, уй шароитида балиқ боқишни кўпайтириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ишлаб чиқарувчиларни хомашё ва айланма маблағ билан таъминлаб, сунъий ҳовузларни кўпроқ тайёрлаш ва жойларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу ерда Жиззах вилоятида узумчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимот қилинди.

Ҳудуд табиати узумчилик учун жуда қулай. Бундан фойдаланиб, Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Шароф Рашидов, Зарбдор ва Янгиобод туманларида 42 та кластер ташкил қилиниб, 50 минг гектар майдонда токзор ва интенсив боғлар барпо этилиши режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов туманида узумчилик кластери ташкил этиб, маҳсулотни кўпайтириш, энотуризмни ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. Аҳолига ҳосилдор навлар бериб, узумини сотиб олишни йўлга қўйиш орқали беш минг кишининг бандлигини таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

ЎзА мухбирлари