Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташаббуси билан «Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази» ҳамкорлигида турли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Step to Success in English – Language Teaching Workshop» мавзусида бир қатор семинар-тренинглар ташкил этилди.

Семинарларга халқаро даражадаги ТESOL, CELTA сертификатларини қўлга киритган, Англия, Германия, АҚШ каби давлатларда тажриба орттирган ва нодавлат таълим муассасаларда фаолият юритаётган тажрибали тренерлар жалб этилди.

100дан ортиқ инглиз тили ўқитувчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда қуйидаги мавзулар бўйича амалий машғулотларда иштирок этдилар:

-“Active learning and effective writing in EFL classrooms”

-“Effective listening” – “Implementing integrated skills in EFL lessons”

«Ушбу лойиҳанинг эътиборли жиҳати ўқитувчилар маърузалар тинглашмайди, аксинча, ўқувчи сифатида интерфаол тарзда ташкил этилган машғулотларда ўзларини эркин ҳис қилишади. Дарсларни қизиқарли ва фойдали ўтишга қаратилган кўплаб усулларни ўзлаштиришади», дейди лойиҳа тренери Турсунгул Утиниязова.

Шунингдек, марафон доирасида олис ҳудудларда жойлашган мактабларнинг 50 нафар чет тили ўқитувчилари учун бепул халқаро IELTS тест синовлари ташкил этилди.

Барча имтиҳон материаллари Сambridge Assessment ташкилоти томонидан тайёрланди ва эндиликда натижалар «Prestesting» дастури доирасида халқаро экспертлар томонидан баҳоланади.

Лойиҳа давомида “Better you” мавзусида мотивацион ва амалий маслаҳатлар бериш бўйича махсус семинар ҳам ташкил этилди.

Тадбирда хорижий тилларни ўрганаётган мактаб ва олий ўқув юрти ўқувчилари, тестларга тайёргарлик кўраётган чет тили ўқитувчилари иштирок этдилар.

Ушбу тадбир халқаро тажрибага эга, Тошкент шаҳридаги энг нуфузли ва сифатли таълим берувчи муассасалардан бири “RIKS Education” ўқув марказининг катта ўқитувчиси Аҳмад Қодиров ўзининг муаллифлик дастури билан иштирок этди.

Тил ўрганиш жараёнида қийинчиликларни енгиб ўтиш, тестга мустақил тайёрланиш, сифатли ресурслардан фойдаланиш каби кўплаб маслаҳатлар берилди. Фаол иштирокчиларга совғалар тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги директори ўринбосари Азимжон Ҳусанов иштирок этиб, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 17 та чет тилига ихтисослаштирилган мактабларнинг директорлари учун агентликнинг LLL (Language learning lab) лойиҳаси ҳақида тўлиқ маълумот берди.

Тадбирда 200 дан ортиқ ўқитувчилар, 100 га яқин ўқувчилар иштирок этди.

 

ЎзА