Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бўлиб ўтмоқда.

Фарғона вилоятида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг ишончли вакили Шерзод Мустафақулов жойларда номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда.

Бешариқ туманида партиянинг электорати, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, аҳоли ва сайловда биринчи бор қатнашаётган ёшлар иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувни Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти Кенгаши раиси Муҳаммадали Маҳмудов кириш сўзи билан очиб, бешта партиянинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрни хусусида тўхталди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили, Қўқон университети ректори Шерзод Мустафақулов сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сайловолди дастурида илгари сурилган асосий еттита йўналиш ҳамда уларда назарда тутилган истиқболли вазифалар ҳақида маълумотлар берди.

Учрашувда глобал ва минтақавий экологик муаммоларнинг кундан-кунга чуқурлашиб бораётгани, айнан «Биз келажак учун жавобгармиз» шиори остидаги сайловолди дастурининг бош мақсади мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини кенг жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборат эканлиги айтиб ўтилди.

Ишончли вакил Ўзбекистон Экологик партиясининг «Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!», «Она табиатни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир!» каби шиорлар остида экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган «яшил» сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қатор ғоялари билан сайловчиларни таништирди.

Учрашувда Қўқон университети доценти, тажрибали психолог Нигора Шомуродова соғлом турмуш тарзини барқарорлаштиришда экомаданиятнинг ўрни, инсониятнинг табиат билан боғлиқлиги хусусида ибратли фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Тадбирда барча сайловда фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовга овоз беришга даъват этилди.

 

М. Сулаймонов, ЎзА