Европа лигасининг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида «Аталанта» ва «Байер» клублари ўзаро рақобатлашди. Ушбу учрашувда «Аталанта» клуби аъзоси Адемола Лукман «Байер» дарвозасига жавобсиз учта тўп киритди ва жамоасини чемпионлик шоҳсупасига олиб чиқди.

Шу тариқа Европа лигаси чемпионига айланган «Аталанта» мухлислари 63 йил кутган евро совринни қўлга киритди. Мазкур учрашувга оид яна бир қизиқарли факт ҳақида тўхталадиган бўлсак, Адемола Лукман турнир Европа лигаси деб номланганидан бери финалда биринчи хет-трик қайд этган футболчи сифатида тарихдан жой олди. Аввалги УЕФА кубоги финалларида охирги марта уч голни 1975 йилда Юпп Хайнкес киритган эди.

Шунингдек, «Аталанта»нинг мазкур ғалабаси «Байер» жамоасининг 51 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди. «Байер» бунга қадар охирги марта ўтган йили май ойида мағлубият аламини тотган эди. Клуб бир йил мобайнида 42 та ғалаба ва 9 та дуранг қайд этди.

***  

Россиянинг «Спорт Экпресс» нашри 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида футбол бўйича мамлакат чемпионатининг ҳар бир турида футболчилар ҳаракатини баҳолаб, рамзий терма жамоа тузиб чиқиши ҳақида хабарингиз бор.

Россия чемпионатининг 29-тур якунлари бўйича тузилган рейтингда «ЦСКА» сафида тўп тепаётган ҳамюртимиз Аббосбек Файзуллаев рамзий терма жамоадан ўрин олди ва умумий рейтингда бир поғона кўтарилди.

Аббосбек Файзуллаев мазкур турда рамзий терма жамоага энг кўп – етти маротаба киритилган футболчига айланди. «ЦСКА» ушбу турда «Нижний Новгород» майдонидан 6:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган эди. 20 ёшли легионеримизнинг бу баҳсдаги ҳаракатлари экспертлар томонидан 7,5 баллга лойиқ кўрилди. Шунингдек, футболчимиз умумий рейтингда 7-ўринга чиқиб олди.

***  

Италия А Сериясидаги жойини сақлаб қолган «Кальяри»да катта ўзгаришлар кутилмоқда. Биринчи навбатда, сардинияликлар мураббийлик фаолиятини якунлаган Клаудио Ранерига ўринбосар изламоқда. Ҳозирча, жамоага «Торино» билан ҳамкорлигини якунлаётган Иван Юрични олиб келишни исташмоқда.

Бундан ташқари, «Кальяри» спорт директори Нерео Бонато ўтган мавсумнинг 30 июнь куни ижарага олинган уч футболчи – Жанлука Гаэтано, Андреа Петаня ва Элдор Шомуродов бўйича бир қарорга келди. Биз учун аҳамиятлиси Нерео Бонато Элдор Шомуродовни жамоада олиб қолишга қарши эмаслиги бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ёзда сардинияликлар пойтахт клуби билан Элдорни 9 миллион еврога тўлиқ трансфер қилиш бўйича келишиб олганди. Энди Нерео Бонато бу суммани пасайтириш учун римликлар билан яна музокара ўтказишга тайёрланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Кальяри» бош мураббийлигига асосий даъвогар бўлиб турган Иван Юрич ҳам Элдор Шомуродовнинг имкониятларини юқори баҳолаган. Хорватиялик мутахассис ўтган мавсумларда бир неча бор ўзбек ҳужумчисини «Торино»га олиб келишга ҳаракат қилган эди.

Демак, ёзги трансферлар вақтида Элдор Шомуродов келаси мавсумни қайси жамоада бошлашини ҳал қилиши керак бўлади.

***  

«Барселона» клуби бош мураббийи Хави жамоани тарк этиши кундан-кунга ойдинлашмоқда. Сабаби жамоа президенти Жоан Лапорта жамоа бош мураббийини ўзгартириш фикридан ҳамон қайтмади.

«Барселона» мутасаддилари жамоага «Бавария» ва Германия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Ханс-Дитер Фликни олиб келишга тайёрланмоқда. Жоан Лапорта ҳам ўзига тақдим этилган номзодлар орасида тажрибали Фликни танлаган. Германиялик мутахассис эса Каталония варианти чиққанидан кейин «Челси» таклифини рад этгани ҳақида хабарлар урчиди.

«Барселона» мутасаддилари тез орада Хави Эрнандес билан учрашув ўтказиб, унинг фаолиятини таҳлил қилиб беради.

***  

«Ал Ҳилол» клуби юлдузи Неймар тиззасининг хочсимон боғламидаги жароҳати сабаб сафдан чиққанди ва кейинги мавсум бошига қадар тикланмайдиган бўлди. Бу ҳақда Саудия Арабистони клуби бош мураббийи Жорже Жезуш маълумот берди.

Тахминларимизга кўра, сентябрь ёки октябрь ойларида Неймар майдонга қайтиши мумкин.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА