Шу кунларда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясига хизмат сафари давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар қилишича, вилоят раҳбари Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко билан учрашувида томонлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда халқаро ва ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш бўйича мақсадли битимлар имзоланди.

Навоийликлар Омск инновацион технологиялар заводи – “Лаварт” компаниясида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.

Компания 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, ўзининг Lavart бренди остида дунёда аналоги мавжуд бўлмаган инновацион юқори самарадор қозон тизимлари ишлаб чиқаради ҳамда илмий тадқиқотлар олиб боради.

Компания 19000 м2 роботлаштирилган ишлаб чиқариш майдонларига эга бўлиб, Россиянинг 40 дан ортиқ ҳудудида 1000 дан зиёд лойиҳани амалга оширган.

Навоий вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Омск экспериментал заводига ҳам борди. Бу ерда делегация аъзолари Омск вилояти қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати вазири Николай Дрофа ва Омск экспериментал заводи директори Кирилл Янковский билан учрашди.

Мазкур заводга 1960 йилларда асос солинган бўлиб, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналари ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, вилоятимиз делегацияси “Омск аграр илмий маркази” федерал давлат бюджет муассасасига ҳам ташриф буюриб, бу ерда буғдой, соя ва бошқа қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг янги навларини яратиш технологиялари билан танишди. Илмий марказ директори Максим Чекусов билан музокаралар олиб борилиб, илмий марказ мутахассисларининг Навоий вилоятига ташрифи ташкиллаштирилиши тўғрисида келишиб олинди.

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Россия сафари доирасида Омскдаги ўзбекистонлик мигрантлар билан учрашди.

Вилоят ҳокими ватандошларимизнинг яшаш шароитлари билан танишиб, муаммо ва таклифларини тинглади. Ватанга қайтишни истаганларга ёрдам кўрсатилиши бўйича таклифлар берди.

Шунингдек, у ерда меҳнат қилаётган ватандошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш ҳамда барча шароитларни яратиш бўйича Омск губернатори билан алоҳида музокаралар олиб борилди.

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясидаги хизмат сафари давом этмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири