Тошкентда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн тўққизинчи йиғилиши ўз ишини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси раислигида ўтаётган нуфузли анжуманда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон давлатлари Олий судлари делегациялари иштирок этмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат – Беларусь Республикаси Олий суди, ШҲТ Котибияти ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси вакиллари қатнашмоқда.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Олий суди раиси Бахтиёр Исломов мамлакатимиз суд тизими ҳокимиятнинг мустақил тармоғи сифатида жамиятда ўз ўрнини мустаҳкамлаганини қайд этди. Бу Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, соҳани инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасидир.

Тадбир давомида ШҲТга аъзо давлатлар Олий судларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилади.

 

Норгул Абдураимова,  

ЎзА