Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Мирзо Улуғбек ворислари” танлови республика босқичининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкентдаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев иштирок этди.

– Ўтган йилги танловда 20 минг нафар ёш рўйхатдан ўтган бўлса, бу йил қарийб 48 минг ёш йигит-қиз танловда иштирок этиш истагини билдирди, – дейди Қўнғиротбой Шарипов. – Бу инновацион, интеллектуал танлов ёшлар ўртасида йилдан-йилга оммалашиб, мавқеи янада ортиб бораётганидан дарак.

Тадбир давомида Тошкентдаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев сўзга чиқиб, танловнинг республика босқичига етиб келган 280 нафар иқтидорли ёш Турин политехника университетига имтиҳонсиз, танлов ғолиблари эса 2-курсдан ўқишга қабул қилинишини тантанали эълон қилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, танловда иштирок этиш мақсадида 47 минг 514 нафар ёшлар рўйхатдан ўтди. Уларнинг 9 минг 837 нафари IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Танловнинг 1-босқичи республикадаги 206 та туман (шаҳар) кесимида ташкил қилиниб, унда жами 9 минг 796 нафар, 2-босқичи 14 та ҳудудда ташкил қилиниб, унда жами 1003 нафар иқтидорли ёш ўз лойиҳаларини комиссия аъзоларига тақдимот қилди.

Танловнинг иккинчи босқичи 16-19 ёш ва 20-25 ёш тоифаларига ажралган ҳолда ўтказилди ҳамда ҳар бир ёш тоифаси учун ғолибларнинг умумий сонидан квота ажратилди. Квоталар ҳар бир ёш тоифасидаги иштирокчиларнинг умумий нисбатидан келиб чиқиб белгиланди. Танловнинг иккинчи босқичи якунларига кўра, 280 нафар иқтидорли ёшлар республика босқичи иштирокчисига айланди.

Танловнинг республика босқичи 4 кун давом этади. Унда иштирокчилар 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақа шартларини бажаради. 1, 2 ва 3-босқичлар ғолиблари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5, 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ва диплом билан тақдирланади.

Республика босқичи ғолиблари “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳудудлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрийлик асосида бириктирилади ҳамда “Ёшлар академияси” лойиҳаларига жалб этилади.

 

Муҳайё Тошқораева,
ЎзА