Иқлим ўзгариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқолиб бориши, ерларнинг таназзулга учраши ва сув ресурсларининг камайиши каби глобал экологик масалалар кўплаб мамлакатлар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу муаммолар Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган ва 3,2 миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудига ҳам хосдир.

Остона шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар вазирлик ва идоралари раҳбарларининг атроф-муҳит масалалари бўйича бўлиб ўтган бешинчи йиғилишида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этди.

Учрашувда делегациялар раҳбарлари ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди ҳамда 2025-2027 йилларга мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш муҳим эканини таъкидлади.

Шунингдек, ШҲТнинг 2024 йилни Экология йили деб эълон қилиш бўйича Ҳаракатлар дастурини амалга оширишга оид масала ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ШҲТ Котибиятига жорий йил 3-4 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг чиқиндиларни самарали бошқариш тўғрисидаги баёноти, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолашни таклиф қилди.

Тадбир доирасида делегациялар раҳбарлари ўртасида 2024-2026-йилларга мўлжалланган ШҲТнинг “Яшил белбоғ” дастурини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳамда ШҲТга аъзо давлатларнинг экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича қўшма ёндашувлари ва 2025-2027 йилларда ШҲТга аъзо давлатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини амалга ошириш режаси тасдиқланди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА