Жорий йилнинг 22-23 май кунлари Марказий Осиё электр энергетикани мувофиқлаштирувчи кенгашининг 41-йиғилишида соҳага доир қатор масалалар муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлатлари электр энергетика мутахассислари иштирок этди. Шунингдек, кенгаш ишида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси ва “Энергия” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази масъуллари ҳам қатнашди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси – Марказий Осиё электр энергетикани мувофиқлаштирувчи кенгашининг 41-йиғилиши раиси Дадажон Исақулов, “Барки точик” энергетика компанияси бош директори Маҳмадумар Асозода, “KEGOS” компанияси бошқарув раисининг ўринбосари Бакитхан Жазикбаев, “Қирғизистон магистрал электр тармоқлари” АЖ бош директори Алтинбек Рисбеков ва бошқалар энергетика соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш таъминотнинг барқарорлигини таъминлашда муҳим эканини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, кенгаш Марказий Осиё энергетика тизимларининг ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланишни таъминлаш, энергетика соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартномаларни амалга ошириш бўйича маслаҳат органи ҳисобланади.

Шунингдек, ишчи тартибдаги мажлисларда Арманистон ва бошқа МДҲ давлатлари мутахассислари видеоконференцалоқа орқали тақдимотлар  қилди. Россия Федерацияси мутахассислари кузатувчи мақомида иштирок этиб, техник-муҳандислик масалалари ечимида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда 2024 йилнинг вегетация даврида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, энергия тақчиллиги ва йирик аварияларнинг олдини олиш, ҳамкорликнинг истиқболли режалари, 2024/2025 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари ва мавжуд муаммоларнинг ечимлари таҳлил қилиниб, атрофлича муҳокама этилди. Шу билан бирга, электр энергетика тармоғи диспетчерлари ҳамда мутахассисларининг диспетчерлик жадвалига риоя қилиш, навбатчи ходимлар ва диспетчерларнинг малакасини ошириш ва тажриба алмашиш юзасидан фикрлашилди. Соҳа мутахассислари ўртасида машғулотлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Тадбир якунида кенгаш ишига мезбонлик қилиш навбати Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтгани ва унинг навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг октябрь ойида Алмати шаҳрида ўтказилиши таъкидланди.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА