Тошкентда ўтаётган Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари спорт вазирликларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши доирасида мамлакатимиз расмийлари ва WADA раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Витольд Банька бошчилигидаги WADA мутасаддилари, спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Содиқов иштирокида ташкил этилган учрашувда допингга қарши кураш бўйича ўзаро ҳамкорликка оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш йўлида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Спортни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатаётгани, юртимиз спортчилари жаҳон майдонида юксак марраларни эгаллаётгани алоҳида қайд этилди.

WADA раҳбари Витольд Банька ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро майдондаги натижалари ортиши баробарида антидопинг мутахассисларининг иш фаолияти ҳам кенгайиб бораётганини билдириб ўтди.

Мулоқот чоғида халқаро допинг офицерлари билимини ошириш, спортчиларни тақиқланган воситалардан ҳимоя қилиш ва малакали кадрларни тайёрлашда Ўзбекистон катта имкониятларга эга давлатлар қаторига қўшилаётгани эътироф этилди.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА