Ўзбекистон–Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган муносабатлар юксак даражага кўтарилган бўлиб, ҳудудлараро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда Фарғона вилоятида Россия Федерацияси капитали иштирокида 171 та корхона самарали фаолият кўрсатаётгани буни яққол кўрсатиб турибди. Истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши инвестициялар кўламининг кенгайишига, янги корхоналарнинг ишга тушишига хизмат қиляпти.

– Ўтган йилда 25 та қўшма лойиҳа доирасида қиймати 340 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилди, – дейди вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг шуъба мудири Ваҳобжон Ҳошимов. – Ўз навбатида ушбу кўрсаткичлар амалга оширилаётган 20 та лойиҳа ҳисобига жорий йилнинг ўтган даврида 38 миллион долларни ташкил этди. Россия Федерацияси билан олий даражадаги ташрифлар ва йирик халқаро тадбирлар доирасида Фарғона вилояти ҳамкорлигида қиймати 152 миллион долларлик 23 та лойиҳа пакети имзоланган. Хусусан, Қувасой шаҳрида “Фруктовые сады Ферганы” қўшма корхонаси томонидан қиймати 2,5 миллион долларлик 50 гектар майдонда интенсив боғ барпо этиш лойиҳаси иш бошлади. Бағдод туманида “Фарғона спининг” қўшма корхонаси томонидан қиймати 5,5 миллион долларлик лойиҳа бажарилмоқда.

Айни кунларда россиялик тадбиркор Магомед Костоев билан ҳамкорликда Риштон туманида «Kosto Line Holding» хорижий корхонасида қиймати 20 миллион долларлик матолар ва сочиқлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади ва йиллик 7 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи ўтган йилда ишга тушган бўлиб, ҳозирги кунда иккинчи босқич бўйича 5 миллион долларлик ускуналар олиб келинган ва ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Олтиариқ туманида «AGRO MAKS DOLINA» хорижий корхонаси томонидан савдо мажмуаси ва меҳмонхона қуриш лойиҳаси ҳисобидан 8 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилди.

Россиялик ишбилармонлар ҳамкорлигида 2024-2025 йилларда қиймати 132 миллион долларлик 19 та янги истиқболли инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида жорий йилда 27 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, хизматлар кўрсатилади ҳамда 1,6 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Фарғона вилояти ҳамда Россия Федерацияси ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида 2023 йилда икки ҳудуд ташқи савдо айланмаси 517 миллион долларни ташкил этди. Фарғоналик тадбиркорлар томонидан Россияга 319 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ташқи савдо айланмаси 79 миллион долларни ташкил этди.

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА мухбири