Шамсиддин Воҳидовни кучлилар сафига олиб чиққан «Sharjah Master — 2024» турнири Муҳиддин Мадаминовни Ўзбекистоннинг 29-гроссмейстери даражасига кўтарди.
Жорий йилнинг 14-22 май кунлари Саудия Арабистонида ўтказилган «Sharjah Master — 2024» турнири якунига кўра, ҳамюртимиз Шамсиддин Воҳидов ҳиндистонлик Бардия Данешвар, россиялик Володар Мурзин ва АҚШ вакили Сема Шенкленд билан бир хил (6,5) очко жамғарган ҳолда нуфузли мусобақанинг 4-поғонасидан жой эгаллади.
Ушбу халқаро турнирда иштирок этган маҳоратли шахматчиларимиздан Жавоҳир Синдоров 5,5 очко билан 19-ўринни эгаллади. Шунингдек, турнирда ўз омадини синаб кўрган Жаҳонгир Воҳидов 3,5 очко, Нодирбек Ёқуббоев 2 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
“Sharjah Master — 2024” турнирида қатнашган ёш шахматчиларимиздан Муҳиддин Мадаминов 9 имконият давомида 4,5 очкога эга бўлган ҳолда гроссмейстерлик талабини бажарганлиги ўзига хос воқелик бўлди. Бу эса Мадаминовнинг Ўзбекистоннинг 29-гроссмейстери номига эга бўлишига олиб келди.
Т.Рўзиев,
ЎзА