Куз фасли бошланиши билан иссиқлик таъминоти объектлари ва ускуналарини ҳамда турар-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига пухта қилиб тайёрлаш ишлари бошланиб кетади.

Тўғри-да, ҳадемай совуқ, қиш-қировли кунлар бошланса, ҳамма хонадонда, ҳамма муассаса ва объектларда иситиш тизимлари ишга туширилади ва иссиқлик таъминоти объектлари ва ускуналарининг катта босим билан ишлашига тўғри келади. Агар мазкур тизимларда бирор муаммо ва камчилик бўлса, бу муаммолар ортидан яна бошқа кўплаб муаммолар, ташвишли ҳолатлар юзага келиши турган гап.

Бу борада ҳаётимизда кўплаб воқеаларни кўрганмиз, эшитганмиз. Қўни-қўшниларимизнинг уйларида ёхуд ижтимоий соҳа объектларида иссиқлик тизимлари билан боғлиқ турли авариялар, қолаверса, кўп қаватли уйларнинг том қисмларидан чакки ўтиш ҳоллари ҳаммамизга таниш манзаралар. Бу каби муаммоларга дуч келмаслик учун айни кунларда тайёргарликни пухта қилиш талаб этилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари билан боғландик. Вазирлик матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, иссиқлик таъминоти объектлари ва ускуналарини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётган экан. Жумладан, 28 та марказий ва маҳаллий қозонхонани мукаммал таъмирлаш режа қилинган бўлиб, шу кунга қадар  17 та марказий ва маҳаллий қозонхона мукаммал таъмирланган. Ушбу қозонхоналарнинг 94 та қозон ускуналаридан 65 таси мукаммал таъмирланган.

Марказий ва маҳаллий қозонхоналарнинг 210,7 км иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, 137,7 км қисми таъмирдан чиққан. Шунингдек, жорий таъмирланиши режалаштирилган 563,8 км иссиқлик тармоқларининг 410,1 км қисми таъмирдан чиққан.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги қарорига асосан 2021 йилда марказий ва маҳаллий қозонхоналарни ҳамда иссиқлик тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш ишларини амалга ошириш учун жами 23,1 миллиард сўм марказлашган маблағлар ажратилган.   Мазкур маблағлар хисобидан 2021 йилда 56 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан,   Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларида режалаштирилган объектлар доирасида экспертиза хулосалари олиниб, пудрат ташкилотлари аниқланган, қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.   Тошкент шаҳрида эса режалаштирилган объектлар доирасида қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилиб, объектлар фойдаланишга топширилган.

Ҳудудларда ҳам кўп квартирали уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Навоий шаҳар ҳудудида фаолият юритиб келаётган “Коммунал Инновация” уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувида бўлган кўп квартирали уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

–  Ширкатимиз томонидан Ислом Каримов кўчаси 48-сон кўп квартирали уй-жойнинг 460 кв.м том қисмини мукаммал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган, – дейди ширкат раиси Р.Нормаев. — Шунингдек, ширкат бошқарувида бўлган Ислом Каримов кўчаси 64-сон уйнинг 4 та кириш йўлакларида ҳам мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бормоқдамиз.

Худди шу каби Ангрен шаҳрида ҳам куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин кечмоқда. “Ангрен иссиқлик энергияси” ДУК ишчи-ходимлари томонидан куз-қиш мавсумида кўп қаватли уйларга сифатли иссиқлик таъминоти етказиб бериш мақсадида амалий ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, ҳудуддаги “Боботоғ” маҳалла фуқаролар йиғини 5/1б МИШ насос станциясида электр кучланиш кабели ва очиб-ёпиш мосламаларини таъмирлаш ҳамда “Ангрен” насос станциясида назорат асбобларини ўрнатиб, очиб-ёпиш мосламаларини алмаштириш ишлари қизғин паллага кирган. Шунингдек, “Карвон”, “Кимёгар” ва “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги иссиқлик тармоқлари қувурларини алмаштириш ва  пайвандлаш каби  қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин амалга оширилмоқда. “Қиш ғамини ёзда е”, деганларидек, айни пайтдаги пухта ҳозирлик, режалаштирилган ишларни мукаммал тарзда, маромига етказиб амалга ошириш қиш кунларида хотиржам, турли кўнгилсизликлардан, ташвишлардан холи яшашимизга асос бўлади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА