Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.

–Тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш талаб этилади, – деди Давлатимиз раҳбари. – Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади.

Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади. Қайси банк энг яхши бизнес режа,  қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим қилса, ушбу маблағлар шу банкларга ажратилади.

Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган  банкнинг ўзи ҳам, ташқи ва ички молия бозорларидан  камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади.

Жумладан,  банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади. Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган,  замонавий технологияларга эга, йирик хорижий банкларни кириб келишига кенг имкониятлар яратилади.

Мулоқот давом этмоқда.

 

ЎзА