Президент Шавкат Мирзиёев ёзги Олимпия ўйинларида жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли таэквондочи Улуғбек Рашидов ва унинг ота-онаси Исматилла Рашидов ва Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирди.
Улуғбек Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонди.
Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограммлик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади.
– Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Ҳафизахон Норматовага самимий раҳматимизни айтамиз, – деди Президент.
Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз. Давлатимиз раҳбари исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг онаси Сабоҳат Жалоловани ҳам қизғин қутлади.
– Мен Баҳодир билан аввал ҳам учрашиб, дилдан суҳбатлашганимни яхши таассуротлар билан эслайман. Енгилмас боксчимиз ўтган вақт давомида ўз устида тинимсиз ишлаб, ёшларимизга намуна бўлди. Баҳодир ўз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди, – деди давлатимиз раҳбари.
Миллий дзюдо мактабининг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмонов Токиодаги кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритди.
Президентимиз Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Беҳзоднинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон опа ва уларнинг устозларига ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди.
– Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади. Бугунги кунда бутун Ўзбекистон сиз, баҳодир ўғлонларини олқишламоқда, жаҳон аҳли сизларга тан бермоқда, дея таъкидлади Президент.
ЎзА