Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Ўзбекистонда волонтёрлик фаолиятига оид амалга оширилаётган ишлар ва янги режалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, волонтёрлик гуруҳлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси, Россия Федерациясидаги Волонтёрлик марказлари ассоциацияси вакиллари, блогерлар ва оммавий ахборот  воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга оид амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан маълумотлар берилди.

Хусусан, ёшлар ўртасида волонтёрликни ривожлантиришнинг яхлит механизми сифатида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги “Ёшлар марказлари”да “Волонтёрлар мактаблари” инфратузилмаси жорий этилганлиги борасида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг май ойида мазкур мактабнинг республика бўйича 110 нафар ментор-тренери тайёрланди. Ҳозир ушбу менторлар 813 нафар волонтёр ёшга тасдиқланган 3 ойлик календар-режа асосида семинар-тренинглар ўтиб, ижтимоий аҳамиятга эга турли лойиҳаларни амалга оширмоқда.

“Волонтёрлар мактаби”га аъзо бўлиш истагини билдириб 2 мингдан зиёд ёш электрон рўйхатдан ўтган ва ҳозирги вақтда ҳам рўйхатга олиш ишлари давом этмоқда. Мазкур мактабни мувафаққиятли тамомлаган, волонтёрлик кўникмаларига эга бўлган 600 нафардан зиёд ёшга Агентлик томонидан ИД-карталар топшириш режалаштирилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёшлар иттифоқи ва Волонтёрлар ассоциациясининг қўшма қарорига мувофиқ, 2021-2022-ўқув йилидан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 28 та олий таълим муассасасида  “Волонтёрлик марказлари”нинг инфратузилмаси шакллантирилади ва фаолияти йўлга қўйилади.

–Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва волонтёрлик фаолияти самарадорлигини оширишга оид бренд лойиҳалар ва зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда, –деди Ёшлар ишлари агентлиги ахборот хизмати раҳбари Нодиржон Абдуқодиров. –Жумладан, жорий йилнинг 10 июль кунидан бошлаб “Йил волонтёри – 2021” халқаро танловига аризаларни @йилволонтёрибот телеграм боти орқали қабул қилиш жараёни бошланди. Август ойида соҳа мутахассислари ва хорижий экспертлар жалб этилган ҳолда волонтёрлар учун ўқув-услубий қўлланма тайёрланиб, 15 минг нусхада чоп этилади ҳамда барча вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари ва волонтёрлар жамоаларига етказилади.

Волонтёрликнинг мазмун-моҳияти, волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш тартибини ёшларга содда тилда акс эттирган интернет фойдаланувчилари томонидан энг кўп кўрилган видеороликлар ва видеодарслар ўзбек тилига таржима қилинади, шунингдек, янги медиа маҳсулотлар яратилади. Бу мақсадда БМТнинг Тараққиёт дастури томонидан 22 минг АҚШ доллари ажратилади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА