Нукусда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг ортиқча овора бўлишининг олдини олиш ва бюрократик ҳолатларни бартараф этиш борасида 2021 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига 576 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилган. Бу рақамларнинг ўзи аҳоли билан тадбиркорлик субъектларини давлат хизматларига бўлган талабининг йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, 7302 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида “Мобиль давлат хизматлари” йўлга қўйилиб, 39 мингдан зиёд сайёр хизмат кўрсатилган.

Президентимизнинг 2020 йил 31 январдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, туман ва шаҳар марказларидан олис бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи юртдошларимизга кенг имкониятлар яратиш мақсадида ва уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Қўнғирот тумани марказидан 350 километр олисда жойлашган «Қорақалпоғистон», 180 километр олисда жойлашган «Жаслиқ» шаҳарча фуқаролар йиғинларида, ўтган йили Тўрткўл туманидаги «Ёнбошқалъа», Элликқалъа туманидаги “Сарабий”, Мўйноқ туманидаги «Қозоқдарё», Беруний туманидаги Абай овул фуқаролар йиғинларида, жорий йилда Шўманой туманидаги “Қорабайли” овул фуқаролар йиғинида давлат хизматлари марказлари филиали ташкил этилди.

Бугунги кунда Амударё, Беруний, Мўйноқ, Чимбой, Қонликўл, Қўнғирот, Тахтакўпир, Бўзатов, Чимбой туманларида давлат хизматлари марказларининг замонавий бинолари фойдаланишга топширилган бўлса, Тўрткўл, Тахиатош ва Қораўзак туманларида қурилиш ишлари олиб борилиб, жорий йилнинг охирига фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бошқарма томонидан давлат хизматларини кўрсатувчи органлар томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 1326 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан ваколатли идораларга 9 та тақдимнома, юзта огоҳнома киритилди, 69 нафар мансабдор шахс маъмурий, 8 нафари интизомий жавобгарликка тортилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Давлат хизматлари агентлиги, унинг жойлардаги бошқармалари томонидан аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифати йилдан-йилга яхшиланиб, тезкорлик ва шаффофлигини таъминлашга, энг асосийси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қимматли вақтлари тежалишига хизмат қилмоқда.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА