Бу тўлов қайси шартлар асосида ёки қандай тоифадаги хотин-қизлар учун қўлланилади?

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2021 йил 19 июлдаги махсус қарори асосида олий ўқув юртларида шартнома асосида таҳсил олаётган ота-онасидан ёки уларнинг биридан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ва боқувчисидан айрилган ёлғиз хотин-қизларга бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилиши белгиланди.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур қарорда таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида кам таъминланган оилаларни, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг муаммоларини бартараф этиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз раислигида 2021 йил 26 февраль куни бўлиб ўтган хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор мажлисида ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ва боқувчисидан айрилган ёлғиз хотин-қизларнинг базавий тўлов-контракт миқдорини тўлаб бериш вазифаси белгилаб берилган эди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, шаҳар ва туманлардан олий ўқув юртларида шартнома асосида таҳсил олаётган 100 нафар талаба – ота-онасидан ёки уларнинг биридан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ва боқувчисидан айрилган ёлғиз хотин-қизларга 2021/2022 ўқув йили учун бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилади. Бунинг учун зарур бўлган 640 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, шартнома тўловларининг тўлиқ тўлаб берилишини таъминлаш ва ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш бўйича тегишли вазирлик ва олий ўқув юртларига вазифалар берилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА