Дунёда коронавируснинг икки хил штаммини юқтириш ҳолатлари кундан-кунга ортиб бормоқда.

Ҳатто яқинда икки хил мутацияни юқтирган бир бемор вафот этгани қайд этилди.

Яъни, 3 март куни Бельгиянинг католик клиникасига ётқизилган 90 ёшли аёлда айнан икки хил вирус аниқланган. Аввалига беморда нафас олиш бўйича қийинчилик бўлмаган ва кислород даражаси меъёрида бўлган. Кейин эса унинг аҳволи ёмонлашган ва беш кундан сўнг вафот этган. Ўлимидан кейин олинган тестда COVIDнинг иккита тури — коинфекция ҳолати (Alfa (инглиз штамми) ва Beta (Жанубий Aфрика штамми) аниқланган. Марҳум штаммларни икки хил одамдан юқтирган бўлиши мумкин деб тахмин қилинди. Аммо аёл ёлғиз яшаган ва вирусга қарши эмланмаган. Бу коинфекциянинг биринчи расмий қайд этилган ҳолатларидан бири эди. Унинг ўлимига коинфекция сабаб бўлганми ёки йўқ, буни тўлиқ исботлай олишмаган.

Жаҳоннинг турли мамлакатларида шу каби яна еттита ҳолат кузатилган бўлиб, улардан яна бири Таиландда қайд этилган. Бангкок шаҳрида қурувчи-ишчилар тиббий текширувдан ўтказилганда бир вақтнинг ўзида икки штамм — Alfa ва Delta ташувчиси аниқланган. Сўнгра коинфекция ҳолати Ҳиндистон, Эквадор, Португалия ва Қўшма Штатларда қайд этилди. АҚШ олимлари Невада штатидан келган 25 ёшли йигитнинг қайта вирусга чалинганини ўрганиб чиққанида, беморнинг тезда тузалгани, аммо май ойи охирида яна ўзини ёмон ҳис қилгани — иситма, йўтал, бош оғриғи, диарея ва бошқа шикоятлар билан касалхонага қайта ётқизилгани қайд этилган.

Икки томонлама инфекциянинг дастлабки ҳолатларидан бири Россиянинг Марказий илмий-тадқиқот эпидемиология институтининг рус олимлари томонидан текширилди. Улар юқори иситма ва коронавируснинг бошқа аломатлари билан касалхонага ётқизилган 90 ёшли беморнинг PZR текшируви коронавирус мавжудлигини кўрсатгани, у интенсив терапияга ётқизилганидан беш кун ўтгач вафот этганини маълум қилди.

Ҳозирча коинфекция бўйича маълумотлар кам. Хулоса қилишга эса эрта. Баъзан қайта касалланиш ҳолати коинфекцияни яшириши мумкин деган тахмин ҳам йўқ эмас. Олимларнинг бир организмда икки хил вирус штамми аломатлари ва вакциналарнинг таъсири борасидаги тадқиқотлари ҳали давом этмоқда.