Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президент мактабларининг битирувчи ўқувчилари ҳамда парламент қуйи палатаси депутатлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Депутатлар, парламент қуйи палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси аъзолари, Президент мактаби ўқитувчи-мураббийлари ҳамда ўқувчилари қатнашган тадбирда миллий парламентимиз тарихи, фаолияти, шунингдек, Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, комиссиялар ҳамда депутатларнинг фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда ёшлар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Қонунчилик палатаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ялпи мажлис муҳокамаларига тайёрлаш ва қонун лойиҳасини қабул қилиш жараёни билан таништирилди.

Парламент қуйи палатасидаги Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари мамлакатимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритиб, иштирокчи ёшларнинг турли саволларига жавоб берди.

Давра суҳбати якунида ўқувчи-ёшлар Қонунчилик палатасининг мажлислар заллари, янги ташкил этилган парламент кутубхонаси ҳамда музей фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Бу каби амалий учрашув ва давра суҳбатлари ўғил-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА