Президент Сурхондарё вилояти фаоллар йиғилишида аҳоли даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш бўйича масъулларга зарур топшириқларни берди.

–   Бугунги депутатларимиз, фаолларимиз, нуронийларимиз билсинки фақат мен эмас, сизлар ҳам куйиб пишмасаларинг Сурхондарёда ҳеч нима бўлмайди, – деди Президент. – Янги уйларни қуряпмиз ким сотиб олади? Аҳоли даромади ошса, томорқасидан фойда олсагина янги уйларни олиши мумкин.

Шунинг учун хусусий секторни жалб қилган ҳолда, келгуси 2 йилда 1 минг гектар майдонда терак ва павловния, 1 минг гектар тоғ олди ҳудудларда писта ва бодом, 1 минг 500 гектарда каврак плантацияси ташкил этилади.

Йиғилишди пиллачилик ва ипакчиликда банд бўлган аҳоли сонини 73 минг нафарга етказиб, 7,5 миллион туп тут кўчатлари экилиб, 511 гектарда янги тутзорлар барпо қилинади. Шунингдек, вилоятда республиканинг Ипак толали пахта етиштириш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш юзасидан масъулларга ҳукумат қарори лойиҳасини киритиш бўйича топшириқ берилди.

Вилоят ва туманлар сектор раҳбарлари томонидан 2021-2022 йилларда ҳар бир хонадонга 100 бошдан парранда боқиш таклифи берилди.

Масъуллар томонидан берилган маълумотларга кўра, айни кунларда бу борадаги ишлар бошлаб юборилган бўлиб, олиб келинган 200 инкубаторнинг бир қанчаси Қизириқ туманидаги аҳолига тарқатилди.

Бундан ташқари, вилоятда қўй жунидан гилам тўқишни ривожлантириш юзасидан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш лозимлиги айтиб ўтилди.

 

А.Мусаев, ЎзА