Бундан буён Сурхондарё вилоятининг 60 та сектор раҳбари ўз ҳудудидаги маҳаллаларда “ўсиш нуқталари”ни белгилаб, уларни ривожлантириш учун иш вақтининг камида 50 фоизини маҳаллада ўтказади. Бу ҳақда Президент Термиз шаҳрида бўлиб ўтаётган Сурхондарё вилояти фаолларининг йиғилишида маълум қилди.

– Сурхондарё мисолида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича хонадон эгаси – тайёрловчи корхона – қайта ишловчи ва экспортёрларни боғловчи, янги яхлит тизим яратамиз.

Биринчидан, Ғаниев, Қўчқоров, Боболов, Ҳаитов икки ой муддатда унумдорлиги паст, ғалладан бўшайдиган майдонлардан томорқа ер эгаларига сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштириш учун ўртача 15-20 сотихдан 10 йил муддатгача ижарага беришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқсин.

Ушбу ажратилган ерларда етиштириладиган маҳсулотларга, мева-сабзавот ва томорқа кластерлари буюртма беради.

Буюртмачилар маҳсулот етиштириш учун барча моддий ресурслар билан таъминлайди ва етиштирилган маҳсулотни сотиб олади.

Умурзоқов, Ғаниев, Боболов мазкур мева-сабзавот кластерлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва яна янги кластерларни ташкил этиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин.

Иккинчидан, Умурзоқов, Қўчқоров, Боболов, Ҳаитов 60 та секторнинг ҳар бирида, томорқада маҳсулот етиштирувчи хонадонларни кластерлар билан боғловчи, тайёрловчи корхоналар (саралаш ва сақлаш пунктлари) ташкил этсин. Тайёрловчи корхоналар томорқа ер эгаларидан етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, саралаб кластерларга экспорт қилиш ва қайта ишлаш учун беради.

Учинчидан, Умурзоқов кластерлар томонидан томорқада етиштирилган маҳсулотларни ташқи бозорларда сотишни ташкил этиш учун Россиядаги элчихонамиз ва ваколатхоналарда Сурхондарё вилояти вакиллари фаолиятини йўлга қўйсин.

Барча сектор раҳбарлари йил охиригача ушбу йўналиш бўйича шуғулланишга сафарбар этилсин. Ушбу ишларни вилоятда тизимли ва сифатли ташкил этилишига вазир ўринбосари Отабек Чориев шахсан жавоб беради, – деди давлат раҳбари.

Йиғилишда вилоятга тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилишни кенгайтириш учун оилавий тадбиркорлик ҳамда хизмат кўрсатишни ривожлантириш дастурлари доирасида 727 миллиард сўм кредит ажратилиши маълум қилинди.

Жорий йилда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун тадбиркорларга 1 минг 300 та ер майдонини аукционда сотишни таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, жорий йилда 50 минг нафар ишсизни жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратилади.

 

ЎзА