Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича нутқ сўзламоқда.

– Бугун сизлар билан бирга вилоятни комплекс ривожлантириш, “маҳаллабай” ишлаш асосида аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва ҳаётини яхшилаш бўйича устувор йўналишлар ва аниқ вазифаларни белгилаб олишимиз зарур.

Биринчи йўналиш – тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш.

Вилоятдаги 721 та маҳаллага вазирлар, банк раислари, вилоятдаги ташкилотларнинг раҳбар ва ходимлари бириктирилиб, ҳар бир маҳалладаги муаммо ва имкониятлар пухта ўрганилган. Шундан келиб чиқиб, вилоятда шароити энг оғир бўлган Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида 1 августгача Маҳаллабай ишлаш марказини ташкил этиб, ҳар учта маҳаллага, биттадан ходим бириктирилади. Қолган барча шаҳар ва туманларда ҳам бундай марказларни 1 ноябргача йўлга қўйиш зарур.

Марказ инспекторлари сектордаги бошқарув офиси билан бирга, ҳар бир маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни кенг ривожлантириш, инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиши керак, – деди Президент.

Қайд этилишича, Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларини комплекс ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган 3 йиллик дастурлар ижросига алоҳида эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу 4 туманда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод этишни таклиф қилди.

Шунингдек, вилоятдаги тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ҳам 2024 йил 1 январга қадар юқоридаги солиқлардан озод қилиш ҳамда фойда солиғи ставкасини 2 баробарга камайтириш кераклиги айтилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда ушбу имтиёзлар бўйича Солиқ кодексига тегишли қўшимчалар киритиш ва уларни 1 июлдан қўллаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш, шунингдек, Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларини комплекс ижтимой-иқтисодий ривожлантириш дастурлари бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Фаоллар йиғилиши давом этмоқда.

 

ЎзА