Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда вазирлик ва идоралар, вилоят секторлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирок этмоқда.

Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари кеча вилоятнинг туманларида бўлиб, Сурхондарё олдига одамларни рози қилиш, ҳаётини яхшилаш бўйича кўплаб вазифалар белгилаб олингани, бугунги йиғилишдан мақсад ушбу режаларни фаоллар иштирокида муҳокама қилишдан иборат эканини таъкидлади.

– Дўст бўлсаларинг бугун менга барча масалалар бўйича аниқ-аниқ таклифларни, фикрларни берасизлар. Яна айтаман, қарсак чалиш вақти ўтди. Бугун галстукни ечиб, этикни кийиб, оддий одам бўлиб, ўзини қийнаб, “мен ўз вазифамни бажариш учун йўлимни топдимми, мен ишлаётган ҳудудда “ўсиш нуқталари” нималардан иборат? – деган саволни ўзимизга беришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари бугун сектор бошлиқларининг асосий вазифаси халқнинг оғирини енгил қилиш эканини таъкидлади.

– Битта туман марказини асфальт қилиб, мана натижа дейиш менга керак эмас. Чекка-чекка ҳудудларга бориб, оддий одамларни ҳаётини ўйлаш, уни енгиллаштириш учун ишлаш керак. Чунки кечаги кун бугунга тўғри келмаяпти, одамлар ҳаётини яхшилаш учун ҳар куни изланишга мажбурмиз. Энди вилоят ҳокими бошчилигида ҳамма раҳбарлар халқнинг дарди билан шуғулланади. Сектор раҳбарлари бир йилга ишини биринчи муовинига топширади, ўзи мен берган топшириқлар билан шуғулланади. Иқтисодиётни ўрганади, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар муаммолари  билан шуғулланади. Тошкентга боғлиқ бўлган биронта масала қолмади, буни ҳозир маърузамда ҳам айтаман. Ҳамма муаммоларни ҳал қилиб бердик, энди қўлга қалам олиб, жиддий ишлаш керак, – деди Президент.

 

ЎзА