Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Azia – 2021 : фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” мавзусида XIV халқаро форум бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони таъсис этилганди.

Бу йилги конференция доирасида ахборот-кутубхона ривожига, аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг янги тизимини яратишга, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ кутубхоначиларга кўкрак нишонлари топширилди. Улар орасида филология фанлари номзоди, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов ҳам бор.

– Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги энг катта, қадимий кутубхонанинг ташкил топганига 150 йил тўляпди, – дейди З. Исомиддинов.– Бу кунни мамлакатимиз маърифатининг байрами деб ҳисоблайман. Миллий кутубхона ривожи учун жуда кўплаб олимлар ўз ҳиссасини қўшган. Ўйлайманки, кутубхона яна узоқ йиллар ўз мақомини сақлаб қолади. Иқтисодий шароитлар яхшилангани сари одамларда маърифатга, маданиятга интилиш ўз-ўзидан ривожлана бошлайди. Ҳозир шунинг дастлабки натижаларини кўра бошлаяпмиз.

Уч кун, яъни 19-21 май кунлари бўлиб ўтадиган конференциянинг биринчи куни давомида хориждан келган меҳмонларнинг табриклари қабул қилинди, касбий тақдимот маросими ўтказилди. Конференция яна икки кун давом этади. Хорижий ҳамда маҳаллий мутахассислар иштирокида Тошкент шаҳридаги янги ташкил этилган кутубхоналарда учрашувлар ўтказилади.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА