Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 май куни Япония Бош вазири Ёсихидэ Суга билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон-Япония стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширилган олий даражадаги ташрифдан сўнг амалий ҳамкорликда, очиқ ва самарали мулоқотда юксак натижаларга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс ислоҳотлар дастурини фаол қўллаб-қувватлаётгани ҳамда коронавирусга қарши кура шва пандемиянинг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишда кўрсатилган ёрдам учун Япония Бош вазири ва Ҳукуматига самимий миннатдорлик билдирди.
Япония Бош вазири, ўз навбатида, янгиланишларни янада илгари суриш, замонавий саноат ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш мақсадида Ўзбекистонга молиявий-техник кўмакни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади.
Япония томони Тошкент Корея ярим оролини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масаласини муттасил қўллаб-қувватлаётгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти JIСA агентлиги, Япониянинг етакчи компаниялари ва банк-молия институтлари билан самарали шерикликни юксак баҳолади. Ўтган йилда, глобал инқироз ва карантин чекловларига қарамай, япониялик сармодор ва мутахассислар билан биргаликда Тўрақўрғон ИЭС қурилиши, Навоий ИЭСни кенгайтиришнинг иккинчи босқичи, “Навоийазот” корхонасида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш бўйича юқори технологик қувватларни ишга тушириш каби устувор лойиҳалар амалга оширилди.
Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Давлат раҳбарлари қўшма бизнес лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини жорий этиш ташаббусини маъқулладилар.
Шунингдек, халқаро кун тартиби, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар “Марказий Осиё + Япония” форматидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини қайд этдилар.
Япония Бош вазири жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференцияни қўллаб-қувватлашини ва унинг ишида иштирок этишини таъкидлади.
Суҳбат сўнгида Ўзбекистон Президенти Токио шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари муваффақиятли ўтишини тилади ҳамда Бош вазир Ёсехидэ Сугани мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф қилди.
Ўзбекистон ва Япония етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, дўстона ва ишчан руҳда ўтди.