Бугун, 12 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида биринчи ярим йилликда экспорт ҳажмини 5,2 миллиард долларга етказишни таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Бунда Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев вилоят ҳокимлари билан бирга, январь-апрель ойларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича бажарилмаган 169 миллион доллар ўрнини иккинчи чоракда тўлиқ қоплаши керак.
“Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига май-июнь ойларида камида 10 та тўқимачилик корхонасида “Oeko-Tex” стандартларини жорий этиб, йил якунига қадар стандартларни 50 тага етказиш кераклиги таъкидланди.
– Очиғини айтиш керак, 30 йил бўляпти биронта стандартимиз йўқ. На тармоқда, на соҳада, на вилоятларда биронта лабораториямиз йўқ. “Ўзстандарт” агентлиги (Сатторов) изланиши керак, четдан пул олиб келиб, лаборатория қилиши керак, – деди Президент.
Йиғилишда мазкур масала бўйича Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ахборот берди:
– Ҳақиқатан ҳам, экспортда ҳам, импортнинг олдини олишда, рақобатбардошликни ошириш, маҳсулотлар сифатини таъминлашда ҳам стандартда гап кўп экан. Биз ҳаммасини тушуниб етдик, тез орада стандартлар бўйича қарор лойиҳасини киритамиз. Ушбу қарор бўйича мутлақо бошқача тизим яратамиз. Энди биз сертификатлаштириш ва стандартлаштиришдан – техник жиҳатдан тартибга солиш механизмига ўтамиз. Ва шу йўл билан керак бўлса Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Европа давлатлари билан ишлаганимизда маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлигини таъминлаймиз, – деди С.Умурзоқов.
– Стандартсиз энди биронта тармоқ, корхона, вилоятнинг ўзида лабораториялари бўлмаса экспорт қилолмаймиз, жаҳон бозорида рақобат кучайиб бораяпти, – деб қайд этди Президент.
Мутасаддиларга икки ой муддатда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, “BSI”, “СиЕ”, “Global G.A.P” каби халқаро стандартлар бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиб, маҳаллий корхоналар мутахассисларини жойларда ўқишини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди.
М.Элмуродов, ЎзА