Бу ҳақда бугун, 6 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Йиғилишда нодавлат таълим ташкилотлари ва хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш бўйича вазифалар белгиланди. Бунда кредит фоизлари харажатларининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қуввватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, ижарада турган ўқув марказлари ижара тўлови харажатларининг 50 фоизгача қисмига субсидия ажратилади ҳамда давлат мулки объектларида фаолият юритувчи ташкилотлар ижара тўловидан озод этилади.

Видеоселекторда ҳар бир вазирлик, идора, давлат компаниялари ва йирик хусусий корхоналарда чет тилларини ўрганишни оммалаштириш зарурлиги қайд этилди. Бунинг учун ҳафтанинг бир куни хорижий тилларни ўзлаштириш ва ўрганиш куни этиб белгиланиши маълум қилинди.

Давлат раҳбари вазирлик ва идоралар, ҳокимликларга олийгоҳ ва хусусий таълим ташкилотлари мутахассисларини шартнома асосида жалб қилиб, ходимларга чет тилини ўргатишни ва хорижий тилларда ишлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Келгуси йилдан бошлаб, давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билишнинг мажбурий талаби киритилиши белгиланди. Чет тилини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этилади.

Йил якунига қадар хусусий сектор билан ҳамкорликда тилни ўргатувчи интерактив материаллар интернет платформаси ва мобиль иловалари яратилиб, мактаб ва боғчаларда оммабоп видеодарслардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилади.

– Бу чет тилларни ўрганиш сифатини оширишда муҳим қадам бўлади, – деди Президент.

 

ЎзА