Давлатимиз раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси бўйича ҳисоботлар тингланаётган видеоселектор йиғилишида республика ихтисослашган марказлари фаолиятига ҳам тўхталди.

– Республика ихтисослашган марказларнинг вертикал иш тизимини такомиллаштириб, уларни оилавий шифокор пунктлари билан боғлаш зарур, – деди Президент.

Йиғилишда Тошкент шаҳридаги шифохоналарни хатловдан ўтказиш натижасида30-40 фоиз шошилинч тиббиёт ўринларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқлангани айтилди.

Давлатимиз раҳбари ихтисослашган марказларда даволанишга муҳтож беморларни даволаш бўйича муаммолар тўпланиб қолганини таъкидлади.

Масалан, ўтган йил биргина ихтисослашган Хирургия марказига мурожаат қилган 900 нафардан ортиқ беморга донорлар яқин қариндоши бўлмагани учун операцияни ўтказиш рад этилган. Оқибатда кўпчилик фуқаролар хорижда ушбу операцияни ўтказишга мажбур бўлмоқда.

– Илгари ишлаган соғлиқни сақлаш вазири ихтисослашган марказда 5 минг бемор навбатда туришини айтиб менга мақтанарди. Аслида бу жуда ачинарли-ку? Аҳоли соғлиғини сақлашга жавобгар бўлган муассаса одамларни овора қилаётганини қандай тушунса бўлади? Ҳолбуки, биз туманларда ҳам ихтисослашган марказлар филиалларини ташкил этиш устида бош қотираяпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселекторда Олий Мажлис палаталари раҳбарларига инсон аъзолари трансплантациясининг қонуний асосларини яратиш бўйича топшириқ берилди.

Президент пойтахтдаги 524 маҳалла шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси билан шартнома тузишини ташкил этиш кераклигини таъкидлади. Энди тиббиёт бригадалари аҳолини хатловдан ўтказиш жараёнида соҳадаги ўзгаришларни аҳолига етказиш билан ҳам шуғулланади.

 

ЎзА