Маълумки, 2017 йил Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳрига кўчирилган, давлатимиз раҳбари 2019 йили бу ерга келганида замонавий мажмуалар барпо этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
Бу галги ташриф чоғида бажарилган ишлар кўздан кечирилди. Давлатимиз раҳбарига Нурафшон шаҳрининг Бош режасига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Бугунги кунда Тошкент йўли кенгайтирилиб, унинг икки томонида 42 объект фойдаланишга топширилган. Айни пайтда бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда. Илгариги бир қаватли эски иморатлар ўрнида 7 ва 9 қаватли уйлар, маъмурий бинолар, бизнес марказлар, меҳмонхона, тиббиёт ва таълим муассасалари, гипермаркетлар қурилмоқда.
Тошкент вилоятида маданият, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот ўтказилди.
Президент мактаб ва боғчаларни қуриш билан бирга таълим мазмунини бойитиш, энди қамровдан сифатга ўтиш кераклигини таъкидлади. Аҳоли келишига қулай жойда замонавий шифохона ташкил этиб ҳамда уни клиник база қилиб, малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқ берди.