Президент Шавкат Мирзиёев Чиноз туманидаги Эшонобод маҳалласини бориб кўрди.

Бу ерда 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури доирасида уйлар, мактаблар, йўллар ва коммунал тармоқлар таъмирланиб, замонавий маданият саройи барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда маҳалланинг турли миллатга мансуб вакиллари билан суҳбатлашди.

– Бугун келишимдан мақсад – Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар учун, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган, – деди Президент.

Мулоқотда Чиноз туманидаги ўзгаришлар, имкониятлар ҳақида ҳам гаприлди.

– Ўзи Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш. Ҳар бир уйда, ҳар бир кўчада маданият бўлиши керак. Халқимиз айтганидек, олма пиш, оғзимга туш, деган билан натижа бўлмайди. Биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳаллада давлат хизматлари маркази шохобчаси, банк филиали, тиббиёт пункти, тикучилик корхонаси ҳам ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари «Қўжакент текстил груп» корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Бу ерда икки сменада 500 нафар хотин-қиз ишламоқда. Охирги бир ярим ойда 100 минг долларлик тайёр кийимлар экспорт қилинган. Корхонанинг ўзида тикиш-бичишни ўргатувчи 200 ўринли ўқув маркази ҳам очилган.

Мутасаддиларга тадбиркорларга кўмаклашиб, бино ва маблағлар ажратиб, бундай кичик корхоналарни кўпайтириш ва 3 минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.

Президентимиз шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.