Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан “Олтин дафтар”га киритилган сирдарёлик ватандошларимиз билан Сирдарёдаги вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакиллари ўртасида онлайн видеомулоқот ўтказилди.

Ушбу онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Сирдарё вилояти, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда Жанубий Кореяда ўзларининг самарали меҳнат фаолиятини олиб бораётган юртдошларимиз билан уларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан мавжуд масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва амалий вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Тадбирда Кореядаги ватандошларимиз билан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Мулоқотда иштирок этган вилоят ҳокимлиги вакиллари сармоядор ватандошларимизга мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар, жумладан, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташкил этиш ҳамда таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш учун ер майдони, бино ва иншоотларни ажратиш тартиблари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида, Кореядаги юртдошларимиз қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур дастгоҳларни сотиб олиш ва етказиш бўйича тегишли шартномаларни имзолаш ишларини олиб бораётганлиги ҳамда янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратаётганларини маълум қилди.

Мулоқотда ушбу лойиҳаларни татбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудий бошқарув органлари томонидан тегишли мутасадди вакиллар белгиланди ва ҳамкорликни жадал олиб бориш бўйича режалар аниқлаб олинди.

Учрашув якунида ватандошларимизнинг юртимиздаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш ва тегишли чораларни амалга ошириш мақсадида маҳаллий бошқарув органлари, элчихона ва тадбиркор юртдошларимиз ўртасида ушбу форматдаги мулоқотларни мунтазам ўтказиш бўйича келишиб олинди.

А.ҚАЮМОВ, ЎзА